19:15 17.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЦИВИЛИЗАЦИЯ ВА ХАЛҚЛАР МАДАНИЯТИ ЧОРРАҲАСИ


Гулжон ХОЛМУРОТОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

 
Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқини фракциямизда диққат билан ўрганиб чиқдик. Форум ўзининг узоқ асрлик тарихи мобайнида дунё цивилизацияси ва турли халқлар маданияти чорраҳаси бўлиб келган ва келаётган Самарқанд заминида ўтказилаётгани бу анжуманга алоҳида маъно-мазмун бағишлаб, унинг аҳамиятини янада оширади. Давлатимиз раҳбарининг ҳар биримизнинг қалбимизда чуқур таассурот қолдирган: “Мовий гумбазлари миллионлаб сайёҳларни ўзига мафтун этадиган Самарқанднинг Рим билан бир қаторда “абадий шаҳар” деган ном билан бутун дунёда шуҳрат қозонгани бежиз эмас, албатта”, деган сўзларини алоҳида таъкидламоқчиман.

Анжуманда кўтарилган масалаларнинг тарихий аҳамияти Марказий Осиё минтақаси IX-XII ва XIV-XV асрларда бамисоли пўртанадек отилиб чиққан икки қудратли илмий-маданий юксалишнинг манбаи ҳисобланиб, жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессанс жараёнларига ижобий таъсир кўрсатган Шарқ уйғониш даври – Шарқ Ренессанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олингани билан боғлиқ. Шарқ Уйғониш даври Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср ибн Ироқ, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек, Абу Абдуллоҳ Рўдакий, Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Жомий, Алишер Навоий, Бобур ва бошқа кўплаб алломалар номи билан боғлиқ математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ ва табиий фанларнинг, шунингдек, тарих, фалсафа ва адабиётнинг ривожланишига олиб келди.

Ушбу анжуманнинг долзарблигини “тарихни билмаган киши ҳар қадамда хатога йўл қўяди, ўз тарихи билан фахрланмайдиган халқ эса ўз келажагини тасаввур қилолмайди”, деган сўзлар ҳам тасдиқлаб турибди. O‘zLiDeP ишонадики, эришилган билимларни, ўтмишда амалга оширилган оламшумул кашфиётларни чуқур ўзлаштирмасдан туриб на илм-фанда, на бошқа соҳаларда янги, янада юксак марраларни забт этиб бўлмайди.

Шунинг учун конференция доирасида бўлиб ўтганидек, ўрта асрларда Шарқ оламида яшаб ижод этган буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий меросини чуқур муҳокама қилиш ва англаш, унинг замонавий цивилизация тарихида тутган ўрни ва ролига баҳо бериш жуда муҳимдир. O‘zLiDeP ана шу бебаҳо илмий меросни янада теран тадқиқ этиш ва оммалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга янги туртки бериш, Шарқнинг улуғ алломалари томонидан амалга оширилган кашфиётлар замонавий илм-фан ва тараққиёт учун нақадар долзарб ва зарур эканини очиб беришнинг аҳамияти ҳам шунчалик муҳим, деб ҳисоблайди. Конференция дунёда ўрта асрлар Шарқ даҳоларининг буюк кашфиётларидан иборат илмий мероснинг ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва ўз тадқиқотчиларини кутаётган чуқур қатламларига қизиқишни янада кучайтиришга туртки бўлади.


Фахриддин ЗОИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
 
Президент Ислом Каримов “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида ўрта асрлар Шарқидаги маданият ва таълим-тарбия, тиббиёт, адабиёт, санъат ва архитектура соҳаларидаги беқиёс юксалиш, илмий мактабларнинг вужудга келиши, янги-янги истеъдодли авлодлар тўлқинининг пайдо бўлиши ва вояга етиши – буларнинг барчаси биринчи навбатда иқтисодиёт, қишлоқ ва шаҳар хўжалигининг анча жадал ўсиши, ҳунармандлик ва савдо-сотиқнинг юксак даражада ривожланиши, йўллар қурилиши, янги карвон йўлларининг очилиши ва авваламбор нисбий барқарорликнинг таъминланиши билан бевосита боғлиқ бўлганини таъкидлади.

Инсоният бошидан кечирган ҳар хил фожиалар, урушлар, табиий офатлар натижасида улар қолдирган буюк мероснинг, айтиш мумкинки, мингдан бир қисмигина бизгача етиб келганини қайд этиш жоиз. Афсуски, тарихнинг зулмат ва жаҳолат ҳукмронлик қилган муайян даврларида олимлар қувғин ва таъқибга учраб, кўпчилигининг ҳаёти фожиали якун топган.

O‘zLiDeP шулардан келиб чиқиб илм-фан ривожи жамиятда мавжуд барқарорликка боғлиқ, деган қарашнинг нақадар адолатли эканини қайд этади. Шунинг учун партиямиз бундан кейин ҳам ўз дастуридаги ҳудудлар ва мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш Ўзбекистондаги мамлакатни фаровонлаштиришга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим шартидир, деган тамойилни сўзсиз бажариш йўлида бутун имкониятларини ишга солади.

Нодира КАРИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

“Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференцияда таъкидландики, қадимий халқаро транспорт артерияси вазифасини бажариб, Хитой, Ҳиндистон ва Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ, Ўртаер денгизи минтақаси каби ҳудуд ва мамлакатларни боғлаб келган Буюк Ипак йўлининг улкан, беқиёс ролини баҳолашнинг ўзи қийин. Мазкур йўл нафақат юқорида зикр этилган ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқ алоқаларини, балки қитъалар ва давлатлар ўртасида ахборот алмашувини таъминлашга хизмат қилди, янги технология ва ишланмаларнинг (ипак, чинни буюмлар, порох, қоғоз ва бошқа кўплаб маҳсулотлар) тез тарқалишида, қишлоқ хўжалиги экинлари ва агротехнологияларнинг, шунингдек, маданий қадриятларнинг ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарди ва шу тариқа цивилизациялараро мулоқот ва технологиялар алмашуви учун шарт-шароитлар яратди.

    Бугунги кунга қиёслаб, O‘zLiDeP халқаро майдонда етакчи роль ўйнайдиган саноати ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ўта муҳимдир, деб ҳисоблайди. Бу ҳамкорлик савдо-иқтисодий алоқалар кўламини кенгайтириш, хорижий инвестициялар, янги технологияларни жалб этиш, иқтисодиётнинг илғор илм-фанга асосланган соҳаларини яратиш, Навоий шаҳридаги логистика трансконтинентал интермодал маркази ва мамлакат иқтисодиётининг устувор тармоқлари, ҳаётнинг турли соҳаларида юқори рақобатбардошлик, юксалишни таъминлашга қодир бошқа қатор лойиҳаларга ўхшаш кенг кўламли инновация дастурларини амалга оширишни кўзда тутади.

Давлатимиз раҳбари “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида бугунги кунда “Энг кўп талаб қилинадиган ва ўзини энг кўп оқлайдиган сармоя – бу инсон капиталига йўналтирилган сармоядир”, деган ҳақиқатнинг ҳаётда тобора мустаҳкам қарор топиб бораётгани тасодиф эмаслигини таъкидлади.

O‘zLiDeP давлат ва жамият ўзининг тарихий, маданий ва интеллектуал меросини кўз чорачиғидек сақлаш, бойитиш ва кўпайтиришга, шунингдек, ўсиб келаётган авлодни умуминсоний ва миллий қадриятлар асосида, ўз олдига баркамол, эркин фикрлайдиган, ўз қарашлари, фуқаролик позициясига эга шахс этиб тарбиялаш мақсадини қўйган ҳолда жиддий эътибор қаратиши керак, деган позицияда туради.

Бугунги кунда, БМТ маълумотларига кўра, мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. O‘zLiDeP партиянинг “Ёшлар салоҳиятини ривожлантириш – бу келажакка сармоядир” тамойилини ҳаётга татбиқ этишни янада жадаллаштириш учун бундан кейин ҳам бутун куч-ғайратини сафарбар этаверади.


Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме